Дизимнен өтиў    Кириў
Сайтқа кириў


2 мавзу. АХБОРОТ АСРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ.
1. Ахборот асрининг мазмун моҳияти. Ахборотлашган жамият: назария ва воқелик

Ахборот асри бевосита глобаллашув билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, мазкур атамага изоҳ бериш тўхташ мақсадга мувофиқдир. “Энг янги социологик луғат”нинг муаллифлари ушбу сўзга қуйидагича таъриф бермоқдалар. Глобаллашув – жамият ҳаёти барча қирраларининг ривожланиши умумжаҳон миқёсда ўзаро таъсир этиш ва очиқликнинг тамойилидан келиб чиқадиган ҳолатдир. Р. Робертсоннинг фикрича (“Глобаллашув”, Лондон, 1992), глобаллашув жараёнида дунё бутун бир яхлитлик сифатида бирлашади. М.Уортерс ёзганидек (“Глобаллашув”, Лондон; Нью-Йорк, 1995), глобаллашув – бу жуғрофиянинг халқлар ижтимоий ва маданий ҳаётига таъсири йўқолиб бориши намоён бўладиган жараёндир.
“Глобаллашув” сўзи америкалик олим ТОМАС ЛЕВИТТнинг “Бозорлар глобаллашуви” (1983) номли мақоласидан кейин оммалашиб кетди. Халқаро иқтисодий тизим – глобаллашувнинг етакчи йўналишидир. Глобаллашув жараёни ривожланишининг асосий сабабларидан айримлари – сайёра бўйлаб ахборот-коммуникацион технологиялар ривожланиши, турли мамлакатларнинг иқтисодий ҳаёти бир хил мезонлар асосида ташкил этилиши ҳамда трансмиллий корпорациялар ишлаб чиқарадиган товарлар асосий қисмининг нарҳи арзон ва сифати яхши эканлиги. Шу билан бир қаторда глобаллашув жараёнида турли халқларнинг миллий ўзлиги аста-секин емирилиб кетмоқда2.
Ахборот асрини баҳолашдаги ёндашувлар, мезонлар. Мутахассислар ахборот асрини ва ахборотлашган жамиятни турлича ёндашувлар, мезонлар асосида баҳолашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг баъзилари ахборотлашган жамият ахборотнинг бузилиши ва ўзгариши натижасида вужудга келди, деб ҳисоблайдилар. Бошқалари ижтимоий ривожланишнинг ҳозирги даври ворисийликка асосланган ва у ўтмиш қаъридан келиб чиққан, бироқ алоқанинг янгича технологиялари шароитида илгариги ижтимоий иқтисодий муносабатлар фаол ахборотлашувга дучор этилган, дейишади. Учинчи тоифа мутахассислар ахборотлашган тараққиётга, электрон иқтисодиётнинг вужудга келиши ва ахборотнинг ишлаб чиқарувчи кучга айланишига урғу беришади. Бир қатор мутахассислар ахборотлашган жамият давлат билан баравар пайдо бўлган (Энтони Гидденс ва бошқ.), деган фикрни илгари сурадилар. Улар наздида, давлат – мураккаб, жипслашган ижтимоий вужуд бўлиб, ўз ички ва ташқи механизмларининг соз ишлаши туфайли муваффақиятли фаолият юритади.
Ҳозирги давр илгариги даврлардан янги алоқа воситалари, техника ва технологиялари пайдо бўлганлиги ва кенгайганлиги ҳисобига ахборот ҳажми кескин ошиб кетганлиги билан фарқ қилади. Иқтисодиётни хилма хиллаштириш юз берди, унинг янги соҳалари, хизмат турлари ҳосил бўлди, ишлаб чиқариш жабҳасида янги техник ускуналар уни қайта қуроллантиришга ва ишлаб чиқариш кучларини қайта тақсимлашга олиб келди. Шу билан бирга илмий ёндашув замонавий миллий давлатлар мануфактура ишлаб чиқариши бўй кўрсатаётган ва саноат ривожланаётган даврда вужудга келаётганлигини аниқлаб бермоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, дунё тараққиёти аграр, саноатлашган ва саноатлашувдан кейинги даврларга бўлинади. Кейинги давр ахборотлашган жамиятнинг ривожланиш даври (Дэниэл Бэлл), модернизмдан кейинги (Жан Бодрияр), тез мослашувчан (Майкл Пайор), ахборий тараққиёт услуби (Мануэл Кастелс) даври сифатида таърифланади.
Ахборотлашган жамиятга доир назариялар. Д.Бэлл фикрича, ахборот асрига асосан янги алоқа воситаларининг ривож топиши ва улардан иқтисодиёт, маданият ва ижтимоий ҳаётда фаол равишда фойдаланилиши хосдир. “Саноатлашувдан кейинги жамиятнинг вужудга келиши” (русчаси: “Становление постиндустирального общества”), “Капитализмнинг маданий зиддиятлари” (“Культурные противоречия капитализма”), “Иккинчи жаҳон урушидан кейин ижтимоий фанлар” (“Общественные науки после второй мировой войны”) унинг асосий асарларидир.
Ахборот таъсирининг ўсиб бориши “ахборот” тушунчасининг ўзига ҳамда унинг таъсирида юз бераётган жараёнларга бағишланган кўплаб тадқиқотлар, назариялар ва тахминлар вужудга келишини тақозо этди. Мутахассислар юз бераётган ижтимоий ўзгаришларни таҳлил этишга, уларнинг характерини аниқлашга ва жамиятлар истиқболини тахмин қилишга интилдилар. Янги ахборотлашган жамиятнинг вужудга келиш ғоясини ишлаб чиққан ва ҳимоя қилган олимлар орасида энг машҳури Дэниэл Бэллдир. Саноатлашувдан кейинги (постиндустриал) жамият назариясини яратган бу олим ахборот асрига айни шу (постиндустриал жамият ПИЖ) номни нисбат беради, “постиндустриализм”га эса у кўпинча ахборотлашган жамият сифатида қарайди. Бу истилоҳни Бэлл 1950 йиллар охирида муомалага киритди, лекин 1980 йиллар бошига келиб уни “ахборот”, “билим” сўзлари билан алмаштира бошлади. Ҳозирги пайтда “постиндустриализм” ҳамда “ахборотлашган жамият” атамалари синоним сифатида бир хил маънода ишлатиб келинади.
Бэлл ва унинг тарафдорлари саноатлашган жамиятдан саноатлашувдан кейинги жамият сари ҳаракатни асосан бандлик соҳасидаги ўзгаришлар, хизмат кўрсатиш жамиятига ўтилиши ва ахборот технологияларининг ривожланиши билан изоҳласалар, бошқа тадқиқотчилар унга ўзгача нисбат берадилар. Масалан, уни замонавий (модерн) жамиятдан замонавийликни ортда қолдирган (постмодерн) жамиятга ўтиш, жипслашган жамиятдан бошбошдоқ капитализм сари ҳаракатланиш, шунингдек касод бўлган жамоавий тажриба устидан бозор иқтисодиётининг тўлиқ ғалабаси томон бурилиш сифатида таърифлайдилар.
“Бошқариш мактаби” (“Школа регулирования”) назариясини ёқловчи бир қатор олимлар ҳозирги тараққиётни фордча жамиятдан фордчиликни ортда қолдирган жамиятга ёхуд оммавий ишлаб чиқариш жамиятидан эпчил ихтисослашув жамиятига ўтиш нуқтаи назаридан тушунтирадилар. Бир гуруҳ француз тадқиқотчилари (Мишел Алетта, Ален Липиц) шу назариянинг асосчилари бўлдилар. Ижтимоий муносабатларга тарихий босқичли (холистик) қарашга эга ушбу мактаб вакиллари ҳар бир тарихий даврнинг умумий характерини аниқлашга ҳаракат қилишади. Уларни муайян бир даврдаги жамғариш тартиби, ишлаб чиқаришни бошқариб туриш, даромадларни тақсимлаш ва истеъмол усуллари қизиқтиради. Бошқарув улар учун “меъёрлар, одатлар, ҳуқуқни, бошқариб турувчи тармоқларни”, яъни жамғариш жараёнига хизмат қилувчи ҳамма нарсани қамраб олувчи “ўйин қоидалари”ни ўзига хос равишда эгаллашдан иборат. Улар эътиборни нафақат технологиялар ва янгиликларга, балки давлатнинг ролига, унинг манфаатлари, ижтимоий таркиби, корпоратив майллари, истеъмол моделлари, гендер муносабатлари, жамият қадриятларига қаратадилар.
Ғарблик олимлар 1945 1975 йиллардаги даврни фордчилик кейнсчилик асри сифатида таърифлашади. Иқтисодчи бўлган Кейнс ўз стратегиясида ҳукуматнинг иқтисодиётдаги ролига урғу берди. Ишлаб чиқариш билан истеъмол мувозанат ҳолатида бўлганлиги бу даврнинг ўзига хос хусусияти эди. Иқтисодиётда иштирок этувчи давлат эса бу мутаносибликни қўллаб қувватлаб, ижтимоий таъминотга, барқарорликка таъсир кўрсатарди. Ўша даврда режалаштириш ҳам долзарблик касб этиб, унинг ёрдамида “умумий фаровонлик давлати”ни бунёд этиш кўзда тутилганди. Режалаштириш ҳам давлатнинг иқтисодиётга аралашувини (яъни кейнсча сиёсат юритилишини) оқлаш учун қулай асос берарди.
Ҳенри Форд ўз ишлаб чиқаришига 1920 йилларда асос солган эди, “фордизм” атамаси эса сиёсий ва жамоат арбоби Антонио Грамши томонидан муомалага киритилди. Форд товарларни истеъмолчига мақбул нархда оммавий равишда ишлаб чиқариш имконини берадиган усул ташкилотчиси бўлдики, бу оммавий истеъмолни рағбатлантирар эди. У биринчилардан бўлиб юқори даражада иш ҳақи бера бошларкан, бу ҳам ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдамлашди. Шу боисдан бутун иқтисодиёт ва умуман тадбиркорлик ишини олиб бориш унинг номи билан аталадиган бўлди. Фордчилик ривожининг чўққиси Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келди.
Ушбу жараённинг Ф.Уэбстэр томонидан амалга оширилган таҳлилига кўра, фордчилик кейнсчилик даврида иқтисодий фаолият давлатлар ичида ривожланиб, турли соҳаларда йирик миллий корпорациялар (олигополиялар) гуруҳи ҳукмронлик қиларди. Маҳаллий компаниялар ички бозорни ўз назоратида сақлаб туришарди. Саноатнинг ҳар қандай тармоғида – электроника, кийим кечак ишлаб чиқариш, чакана савдо ёки машинасозликда уч тўртта корпорация устувор эди. Масалан, 1963 йилда Англияда савдонинг ҳар қайси соҳасида савдо сотиқнинг қарийб 60 % бешта етакчи компания ҳиссасига тўғри келарди, пешдор 100 та компания 1960 йилда мамлакатдаги бутун саноат маҳсулотининг учдан бир қисмини ишлаб чиқарарди.
Бироқ 1970 йилларнинг ўрталарида рецессия ва нефть нархининг кескин кўтарилиши бошланиб, шок ҳолатини ва иқтисодиётда ўзгаришларни келтириб чиқарди. Бошқариш мактаби олимлари ўша пайтдан буён доимий бўҳрон – рецессия, ишсизлик, банкротлик, меҳнат соҳасида қоида бузилишлар давом қилиб келаётганини қайд этадилар. Шиддатли ўзгаришлар – ишчи кучининг одатий маънодаги жуда катта ортиқчалиги, янги касб турларининг пайдо бўлиши, технологиялар босими, валюта курсидаги кескин тебранишлар бутунлай янги замон бўй кўрсатаётганлигидан далолат берарди. Амалда ишлаб чиқариш усулидан тортиб шахсни янгича тушунишгача барча ўзгаришлар фордча аср билан хайрлашув пайти келганлигини англатарди. Айрим тадқиқотчилар (Кришнан Кумар) фордчиликдан кейинги даврни “саноатлашувдан кейинги жамият назариясининг версияси”1 сифатида кўришди. Натижада фордча тартибни қўллаб қувватлашда давом этишдан фойда йўқлигини эътироф қилишга тўғри келди; шу тариқа фордчиликдан кейинги давр бошланди ва излаш ҳамда ахборот билан ишлашнинг тезкор усуллари ана шу ўзгаришлар марказида бўлиб қолди.
1980 йилларда бўҳрон ҳолати жамғаришнинг янги тартибини ўрнатиш, назорат қилишнинг бошқа механизмларини жорий этиш ҳисобига енгиб ўтилди. Масалан, Буюк Британияда бу Маргарет Тетчернинг (мамлакатнинг 1979 1991 йиллардаги бош вазири) лейбористларга нисбатан қатъий ҳаракатлари, мактаб ва олий ўқув юртларидаги таълим тизими концепциялари ва ўқув режаларини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий талабларига яқинлаштириш билан нишонланди. Глобаллашув фордчилик куёшининг ботишида энг муҳим омил бўлиб хизмат қилди. 1970 йиллардан буён глобаллашув жараёни анча жадаллашган бўлса да, ҳали поёнига етганича йўқ.
Глобаллашув жараёнлари. Глобаллашув жараёнлари бир неча таъриф ва тушунчаларни ўз ичига олади. Бу жараён ҳақида гап кетганда, байналмиллашувнинг ошиб бориши, турли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги, миллатлараро муносабатларнинг ўзаро боғлиқлиги ва бир бирига таъсири тушунилади, уни иқтисодий омил, бозорлар, валюталар ва корпоратив ташкилотларнинг яқин алоқалари сифатида ҳам таърифлайдилар. Глобаллашув – инсоният ҳаётига таҳдидлар ва акс ҳаракатларга қарши туриш учун миграция, сайёҳлик, ҳукуматлараро ҳамкорликни ўстиришда намоён бўладиган маданий, ижтимоий ва сиёсий омиллардир. Лекин глобаллашувнинг ривожи учун кўп жиҳатдан замин тайёрлаган трансмиллий корпорацияларнинг (ТМК) тобора кенгайиб бориши бу жараённинг муҳим омили бўлди. Ҳозирги глобал иқтисодиётда Ford, General Electric, Shell oil, Siemens, Kodak, Philips, Daimler Bens, Coca Cola, IBM, General Motors, Fiat, Proctеr and Gamble корхоналари олдинги марраларни эгаллаб туришибди.
Одатда, бозорнинг глобаллашувини, ишлаб чиқариш, алоқа воситалари глобаллашувини, ахборот инфратузилмаси ва ахборот хизматлари глобаллашувини ажратиб кўрсатадилар. Глобал даражада иш олиб бориш корпорацияларни бутун дунё бўйлаб ресурслар яратиш ва тақсимлашга мажбур қилади. Шунинг учун уларнинг бош идораси, масалан, Нью Йоркда, дизайн бюроси Европада, ишлаб чиқариши – Жануби Шарқий Осиёда, йиғув цехлари – Англияда ва ҳоказо гўшаларда жойлашган бўлиши мумкин. Дунёнинг турли минтақаларида ўрин топган маркетинг ва ишлаб чиқариш объектларининг самарали иши, маълумотларнинг доимий келиб ва қайта ишланиб туришини таъминловчи мукаммал ахборот тизими йўлга қўйилмас экан, бозор ва ишлаб чиқаришни глобаллаштиришни амалга ошириб бўлмайди. Тадқиқотчи Дикен фикрларига кўра, глобаллашув ишлаб чиқариш организмининг турли бўғинларини бир бутун қилиб бирлаштирадиган ахборот фаолиятининг ўсишини чақиради. Шу боисдан ҳам ахборот хизматларини глобаллаштириш ҳозирги даврнинг бош шартларидан бири бўлиб қолди. Трансмиллий компаниялар кўлами ва миқёсини тасаввур қилиш учун кўп ҳолларда улар бойлигини давлатлар бойлиги билан таққослайдилар. Мисол учун оладиган бўлсак, 2000 йилда General Motors 185 млрд доллар, IBM – 88 млрд, Shell – 190 млрд, General Electric 130 млрд доллар даромад қозонган. Маълумотларда ТМКлар бутун жаҳон саноат маҳсулотининг 25% ни ишлаб чиқаришлари ва савдо сотиқ соҳасида дунёда устун туришлари келтирилади. Глобал бозор учта йирик сегментга бўлинади – Шимолий Америка, Европа ва Жануби Шарқий Осиё. Toshiba ( 2000 йилги даромади 62 млрд доллар), Matsushita (89 млрд), Toyota (20 млрд), Sony (59 млрд) каби азим корпорациялар ўз товарларини жойлаштириш учун турли глобал стратегияларни ишга соладилар. Япон корпорациялари автомобилсозликда ва маиший техника ишлаб чиқаришда, кейинги йилларда эса ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида ғарб корпорациялари ҳукмронлигига жиддий хавф туғдиришларини кўрсатдилар. Японларнинг бу даъвати нисбатан барқарор бўлиб турган иқтисодий тартиботни ағдар тўнтар қилиб ташлади, деса бўлади.
Корпорациялар кўпроқ жаҳон бозорида иш олиб бориб, ўз устунликларидан энг юксак даражада фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам ахборот соҳасидаги фаолият, бу фаолиятни такомиллаштириш ва кенгайтириш биринчи маррага чиқмоқда. Бугунги кунда реклама, банк иши, суғурта, маслаҳат хизматлари глобаллашувнинг асосий жиҳатлари ўлароқ янги глобал инфратузилмани ташкил этаётир. Замонавий маркетингда бренднинг катта роль ўйнашини ҳисобга олмаслик мумкин эмас, бунда маҳсулотлар ва корпорациялар гуруҳи одамлар назарида оммавий ахборот воситалари муҳитида кенг ёйиладиган маълум тимсолларни гавдалантиради. Корхоналар бу ёрдамчи тузилмаларсиз умуман фаолият кўрсата олмаган бўлардилар. Ахборот улар бизнесининг таркибига киради ва ишнинг ҳал қилувчи қисмини ташкил қилади. Бу бозорлар, истеъмолчилар, минтақалар, иқтисодлар, таваккалчиликлар, инвестициялаш моделлари, солиқ тизимлари тўғрисидаги ахборотдир. Шу тарздаги хизматларни кўрсатиш учун ахборотни сақлаш билан бирга ишлаб чиқиш ва ёйиш ҳам зарур, тезкорлиги, таҳлил даражаси ва бошқа сифатларига қараб унинг нархи ошиб боради. Бундай хизматлар кўрсатадиган American Express, Citicopp, Merrill Lynch ва бошқа ташкилотлар бутун дунё бўйлаб корпорацияларга хизмат қилиш билан уларнинг фойда кўриб, юксак самара билан ишлашларига ёрдам беришади. Ахборот инфратузилмаси ахборот оқимлари ошишига олиб келди, телефон алоқаси ривожланиб кетганлиги, халқаро ўта йирик ахборот йўллари бўйлаб молиявий муомалалар кўпайганлиги шу жумлага киради.

2. Тармоқ жамияти назариясининг пайдо бўлиши

Мануэл Кастелс тармоқ жамияти ҳақида. Технологик ахборот мувозанатсизлик ва янги бозор мезонлари. М.Кастельснинг 1996 1998 йилларда нашр этилган уч жилддан иборат “Ахборот асри: иқтисодиёт, жамият, маданият” (русчаси: “Информационная эпоха: экономика, общество, культура”) асари умумжаҳоний аҳамиятга эга. Олимларнинг баҳолашларича, бу тадқиқот Дэниел Бэллнинг “Саноатлашувдан кейинги жамиятнинг шаклланиши” асаридан кейин ҳозирги замон цивилизация характерининг энг муҳим тавсифларидан бўлди. Ф.Уэбстер сўзларига кўра, The Information Age эълон қилинганидан кейин айрим шарҳловчилар Кастелсни Карл Маркс, Макс Вебер ва Эмил Дюркгейм билан бир қаторга қўйдилар1.
М. Кастелс ҳозирги даврни коммуникация тармоқлари ривожланишининг таъсири воситасида қараб чиқади. Янги жамият унда тармоқлар кенг ёйилиши ва ахборот оқимлари кўпайиши туфайли вужудга келади, дейди у. Билимга билимнинг таъсир кўрсатиши, яъни назарий умумлаштиришнинг, таҳлилий рамзнинг ўсиши ишлаб чиқариш, корхоналар фойдаси ошишининг асосий омили бўлиб қолади. Унинг эътироф этишича, “ахборотлашувчи (информациональный) капитализм “бу – капитализмнинг айниқса шафқатсиз, тажовузкор шаклидир, чунки тармоқли алоқа туфайли у ўзида ҳамма жойда (глобал) ҳозиру нозир туриш билан ақл бовар қилмайдиган даражадаги эпчилликни ўзида уйғунлаштирганки, бунақаси илгариги жамиятларда кузатилмаган эди2. Янги шароитларда рақобат ҳам раҳмсиз бўлиб қолди. Мисол учун, муайян бир бозорда маълум муддат миллий олигополия ҳукмронлик қилиб турган бўлса, вақти келиб у қолоқлар сафига ўтиб қолиши мумкин. Бироқ айни бир пайтда энергетика соҳасидаги миллий корпорациялар, масалан, бошқа бозорларни эгаллаш учун мамлакат ташқарисига ҳам чиқа оладилар. Бу янги ўйинчилар ўзлари учун глобал ҳозирликни таъминлай бориб, ҳар қачонгидан йирикроқ мавқега эга бўлишлари ёки заифлашиб қолишлари ҳам эҳтимол.
Ахборот коммуникация технологияларининг такомиллаштирилиши ва биржа бозорларининг тартибга солинмай қўйилиши акциялар, валюта ҳамда облигациялар савдосида бутун кеча кундуз давомида қатнашиш учун реал вақт режимида молиявий ахборот доимий келиб туришига имконият яратади. Бу ахборот оқимларининг кўлами ва тезлиги ақлни лол қолдиради. Шу нарса қайд қилинмоқдаки, эндиликда валюта алмаштиришлар айланмаси миллий иқтисодлар миқёсидан устун бўлиб, савдо сотиқ оқимларини, яъни миллий иқтисодий фаолликни импорт билан экспорт нисбати орқали аниқлашдек анъанавий услубни бирмунча пасайтириб қўяди. Кастелс алоқа технологияларининг таъсир кўрсатиши натижасида иқтисодиётда юз бераётган ўзгаришларни чуқур таҳлил қилади. Янги шарт шароитлар кўп нарсаларни ўзгартириб юборади. Баъзи олимлар глобаллашув миллийлик чегараларини йўқ қилиб, барчанинг бараварлаштирилишига, давлатнинг роли пасайишига олиб келиши эҳтимол, бу, айниқса, муайян бир мамлакатга бозор, ишлаб чиқариш ва умуман ахборот оқими тўсиқсиз кириб келишида сезилади, деб ҳисоблайдилар. Кастелс эса аксинча, “ахборотлашувчи капитализмнинг ҳаракатчан тизими”да давлатнинг роли анча ошишини уқтиради.
Дунёдаги ахборотлашув жараёнларини таҳлил қилганда, айрим мамлакатлар ва минтақаларнинг бошқа, ривожланган мамлакатларга нисбатан ҳимоясиз эканлигини сезмаслик мумкин эмас. Глобаллашиш майли барча иштирокчиларни максимал даражада мослашувчан бўлишга мажбур қилади, миллий ҳукуматлар зиммасига эса пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланишда катта масъулият тушади. Корпорациялар тармоқда уддабуронлик, самарадорлик кўрсатишлари, зарур бўлганида “вертикал интеграциядан чиқиб, горизонтал алоқаларга кириша оладиган”1 бўлишлари лозим. Ҳукуматнинг пухта ўйланмасдан қўйган қадамлари зудлик билан жаҳон иқтисодининг тегишли муносабатига сабаб бўлиши мумкин. У ёки бу мамлакат, минтақа тарихидаги гувоҳликлар ҳам бунга исбот бўла олади. “Европа – Осиёнинг кичик бир оролчаси”, дея таъкидлаган эди француз шоири Поль Валери. Бу ифодада чуқур маъно яширинган. Европа тарихан Осиёдан кейин ривожланган; цивилизация бобидаги умуминсоний ютуқлар нуқтаи назаридан Европа ва Осиё ягона бирлик сифатида қаралиши мумкин. Шу билан бирга Кастелс, Хитой, Япония, собиқ СССР давлат ё жамият тараққиётга рағбат беришга ёхуд уни тўхтатиб қўйишга қодир эканлигининг тарихий сабоғидир, деб уқтиради.
Хитой дастлаб ўз кашфиётлари ва ишлаб чиқаришга жорий этган янгиликлари билан Европадан қолишмасди, ҳатто ундан илдам эди. Масалан, денгиз узра кемада сузиш санъатини хитойликлар европаликларга қараганда олдин такомиллаштирганлар. 960 йиллар атрофида хитойликлар компасни кашф қилишди, ХVI асрга келиб хитой “жонка”лари дунёда океан оша узоқ сафарларга чидаш берган мукаммал кемалар бўлди. Қоғоз ишлаб чиқариш Хитойда Ғарбдагидан 1000 йил илгари ўзлаштирилди, китоб чоп этишга эса VII асрда киришилди. XIV асрда Хитой саноатлашиб кетишига бир бахя қолган эди. Яккаланганлик, Ўрталиқ подшолигининг дунёдан ажралиб қолганлиги мамлакатни техник жиҳатдан қолоқликка олиб келди.
Япония ҳам яккаланиб қолиш даврларини бошидан кечирганлигига қарамасдан, деб ёзади Кастелс, ҳар ҳолда у янги пайдо бўладиган жараёнлар учун анча очиқ эди, шу боисдан ҳам бу ерда ўзгаришлар Хитойдагига қараганда жадалроқ юз берди. Ҳукуматнинг янгилашга қаратилган сиёсий йўли туфайли Японияда XIX асрнинг сўнгги чорагида электроника ва алоқа гуркираб ривожланди, бу эса унинг жуда қисқа муддатларда технология жиҳатидан юксалиб кетишига шароит яратди. Япония ахборот технологиялари соҳасида дунёда етакчи давлатга айланиш намунаси бўлса, собиқ СССР технология тараққиётига ўтишда муваффақиятсизликка учраган мамлакат мисоли бўлди.
Оммавий ахборот воситалари тадқиқотчиси Розалинд Эйнсли 1966 йилдаёқ чет эл капиталининг Африка мамлакатларидаги зўравонлиги маҳаллий матбуотнинг хорижий ОАВ билан рақобатлашувига йўл қўймайди, деб ёзган эди. У ривожланаётган мамлакатларда маҳаллий матбуот нашрларига нисбатан кўпроқ Париж, Лондон ёки Нью Йоркда нашр этилаётган газеталар оммавий равишда тарқаладиган бўлишини тахмин қилган эди. Оммавий ахборот воситаларига жамоатчилик фойдаланадиган корхоналар сифатида сармоя қўйиладими ёки бу соҳада хорижликларнинг муқаррар ҳукмронлиги билан муроса қилинадими, Африка шуни ҳозироқ танламоғи лозим, дея уқтирган эди у.
Техникавий омиллар билан бир қаторда бу минтақанинг миллий ахборот органларига айрим ижтимоий ҳодисалар ҳам хавф туғдирди. ЮНЕСКОнинг “Курьер” журналида (1988 йил август) шундай деб қайд этилган эди: “Бугунги кунда Африкада минг одамдан атиги ўн беш кишигина кундалик газета олиши мумкин. Айниқса, аҳолининг 80 % яшайдиган ва 800 сўзлашув тили мавжуд бўлган аграр ҳудудларда матбуотдан оммавий ахборот воситаси сифатида фойдаланиш катта муаммоларга дуч келмоқда”.
Глобал равишда интеграциялашган дунёда ютган ва ютқазганларни баҳоларкан, Кастелс Лотин Америкаси, собиқ совет кенгликларидаги мамлакатлар ва янги Жанубий Африкадаги натижаларда фарқни кўради. Ва шундан келиб чиқиб хулоса қилади: турли хил давлат стратегиялари турлича натижаларга олиб келиши мумкин. Анча самарадор ҳукуматлар Япония ва Сингапур йўлидан боришаяпти, қолоқлар эса тармоқли жамиятга нисбатан бир чеккада бўлиб қолмоқдалар ва “тиланчилик сиёсий иқтисоди” йўлини тутганлар.
Кастельс муомалага киритган “ахборотлашувчи капитализм”, “тармоқ (тармоққа боғланган, уланган) иқтисодиёт”, “тармоқ жамияти” истилоҳлари, бир томондан, янгича ўзаро муносабатлар вужудга келаётганлигига, “тармоқ жамияти” ўрнатилганлигидан туб заминли ўзгаришлар юз бераётганлигига, тармоқлар бўлажак ижтимоий ташкилот учун замин яратаётганлигига эътиборни қаратишга даъват этилган. Иккинчи томондан, улар олимнинг капитализм – давримизнинг энг асосий таъриф тавсифи, у – ўтмишдан келиб чиққан ва яшаб қолди маъносидаги ворисийликни; – кенгайди, мослашди ва электрон тармоғи орқали дунёда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда мазмунидаги порлоқ истиқболни ифодалайди, деган фикрини акс эттиради. Айни бир пайтда бу тармоқлар замонавий капитализм заифлигининг сабаби бўлиб хизмат қиларкан, иқтисодиётга ўз шартларини, иш услубларини ўтказади. Бу омилни ҳисобга олмаслик жадал нобарқарорликка, тадбиркорлик жараёнини барбод қилишга, унинг вайрон бўлиши ва таназзулига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам ахборотни олиш, қайта ишлаш ва таҳлил этиш воситасида ички ва ташқи муҳитдаги аҳволни доимий кузатиб бориш масаласининг мослашувчанлиги ва муҳимлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Медиа, маданий ва касбий ижтимоий даражадаги номутаносиблик. Бутун ер куррасини ўраб оладиган алоқа тармоқларининг ёйилиши технологик сабаблар, хусусан, сунъий йўлдош алоқасини, телекоммуникация ускуналарини такомиллаштириш тақозосидир. Бошқа томондан, юз бераётган жараёнлар таҳлили иқтисод, маданият ва медиа маҳсулоти ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Корхоналар бирорта муҳитга кириб боришлари, янги минтақа, истеъмолчиларни топишлари учун ўзлари таклиф қилаётган товарлар ва хизматлар яхши қабул қилинишини таъминлайдиган рамзий шакл, имиж акцияларидан фойдаланадилар. Реклама, клиплар, фильмлар, мусиқали лавҳалар, ҳазил мутойиба, санъат, модалар намойиши – буларнинг бари бозор, корхона, давлат манфаатига хизмат қилдирилган. Брендлар, маркалар, фирма белгилари муайян корпорация, ташкилот, машҳур кишининг жозибали тимсолини яратишга имкон беради.
Глобал инфосферанинг вужудга келиши, ўз навбатида, бир қатор муаммоларни ҳосил қилди. Медиа ТМК янги рамзий (ёки турли мазмундаги) муҳит, матн ва эфир материали, барча одамлар учун бирдек тимсоллар яратилишига, томошалар, кино ва видеомаҳсулотнинг кўп ададлаб чиқарилишига олиб келди. Кўплаб мусиқали, спорт кўрсатувлари, шоу бизнес, мода дунё бўйлаб ёйилди. Буларнинг барчаси ижобий мазмунга эга бўлибгина қолмай, ҳали қудратли алоқа базасига эга бўлмаган ёки эндигина халқаро миқёсда тижоратчилик ва тадбиркорликка қадам қўяётган халқларнинг миллий маданиятлари ва ижтимоий ютуқларига маълум даражада хавф солади.
Медиа саноати мамлакатларнинг ахборот соҳасида технология жиҳатидан ривожланган ва камбағал, қолоқ мамлакатларга ажратилишига асос бўлди. Ф.Уэбстернинг қайд қилишича, 1990 йилларда америкаликларнинг йигирмата фильми бутун дунёда энг кўп даромад келтирган фильмлар бўлди. “Титаник”, “Самовий урушлар”, “Қора либосли одам”, “Алоуддин”, “Юра даври боғи”, “Форест Гамп” ва бошқа фильмлар шулар жумласидандир. Уларнинг барчаси 500 млн доллар, “Титаник”нинг бир ўзи эса 2 млрд доллар даромад келтирди. Германия, Англия, Италия, Франция, Испания, Австрия, АҚШда – хуллас, қаердаки кино бўлса, ҳамма жойда улар етакчилик қилишди. Шу тариқа талаблари ва муносабатлари турлича аудиторияларда умумий рамзий муҳит вужудга келтирилади. Лос Анжелес ва Лондондан таралган рок мусиқа бутун дунёдаги ўз мухлисларини кийиниш ва ейиш ичишда ўз пирларига тақлид қилишга мажбур этади.
Кастелс ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет ва умуман мультмедиа таъсирини ҳар томонлама қараб чиқади. У электрон почта устунлиги ва қулайлигини, электрон ҳамжамият пайдо бўлганлигини, алоқа воситалари интерфаоллигини ва бошқа ҳолатларни ажратиб кўрсатади. Тармоққа кириш имкони ва унга киришиб кетиш маданият учун энг муҳимдир. Кастелс айтганидек, истеъмолчи тармоққа боғланмаган экан, у тармоқ жамияти ҳаётида тўлақонли иштирок эта олмайди. Бироқ олимда маданий анъаналар нуқтаи назаридан компьютер тармоқларидан фойдаланишнинг айрим оқибатлари хусусида жиддий ўйлар пайдо бўлади. Унга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдан олинадиган маданий самара демократик коммуникацияларнинг оддий имкониятидан кўра анча жиддий бўлиб туюлади. Тармоққа уланганлик учун унинг мантиқи, тили, “ўтиш балл”ига, кодировкаси ва декодировкасига мослашиш талаби тарзида нарх қўйилади, деб ёзади у.
Компьютер тармоқлари, Интернет, телевидение сингари оммавий алоқа тизимига муқобиллик қилади. Улар бир хиллаштирилган (ҳомогенизациялаштирилган) аудитория учун марказлаштирилган ишлаб чиқариш ва кўрсатиш бўлмиш телевидениега хавфдан даракдир. Интернет пайдо бўлишига қадар алоқа технологияларидан фойдаланиш натижасида ижтимоий ҳаётни бўлакларга бўлиб кўрсатиш майли пайдо бўлган эди. Кабел ва сунъий йўлдош телевидениеси бу жараённи чуқурлаштириб юбориб, аудиториянинг турли бозорлари пайдо бўлишига олиб келди. Бу кўрсатиш эшиттириш воситалари аниқ мақсадли аудиторияга эга бўлган ҳолда, уни олдиндан танланган ахборот билан таъминлайди. Натижада, бундай “табақалаштирилган ва хилма хиллаштирилган дастурлар” томошабинларни ажратиб ташлайдиган бўлди. Кастелс келажакда дунё яхлит бир глобал қишлоқ бўлишини олдиндан хабар берган Маклюэнга эътироз билдирганнамо айтадики, биз дунёвий қишлоқда эмас, балки “алоҳида табақалаштирилган коттежларда” яшашимиз жуда эҳтимол кўринади. Маклюэн фикрини ўзгартириб, у “meeage is the medium” “хабар бериш воситаси номадир“, яъни медиа аудиториянинг турли доиралари нимани талаб қилишса, нимага қизиқишса, ўшани узатади, деб ёзади. Бу умуммиллий телевидение қўллаб қувватлаб турган умумий маданиятни бой бериш хавфини туғдиради. Зотан, медиамагнат Руперт Мэрдокга тегишли New Corporation ахборот маҳсулоти воқеалар ана шу тарзда ривожланишини тасдиқловчи далиллардан биридир.
Муайян ахборот маҳсулотининг турли доираларга бўлиб ташланган ҳамда ўйин кулги ва хурсандчиликка йўналтирилган аудиторияга етказиб берилиши билан боғлиқ хонанишин, биқиқ турмуш тарзининг роли ошиб бораётганлиги ҳам ташвиш туғдиради. Кастелсни хавотирга соладиган нарса шуки, турмушнинг асосий қисмини кўнгилхушлик ташкил қиладиган бўлса, бу шунга олиб борадики, одамлар, оддий фойдаланувчилар интерфаол мулоқотни ўзлари амалга оширмайдиган бўлиб қоладилар. Дастурларни ишлаб чиқувчилар, продюсерлар, санъат ва кинематография соҳаси мутахассисларидан иборат марказлаштирилган кучлар бундай мулоқотни йўналтирадиган бўлади. Тармоқ жамияти муваққат чекловлар борган сари бекор қилина борадиган абадий оламни вужудга келтиради. Бу турмуш тарзларининг емирилиш, маромийликнинг бузилиш хавфини юзага келтирадики, бунинг устига инсон ҳаётининг биологик босқичлари ҳийла найранглар домида қолади. Инсон гўёки икки хил маконда – космополит сифатида глобал кенгликда, маълум этник, меҳнат гуруҳининг вакили ўлароқ маҳаллий муҳитда яшаётгандек таассурот туғдирувчи ҳолат жиддий физиологик зўриқиш келтириб чиқаради. Биринчи ҳолда у тармоқда етакчи роль ўйнаш, бошқарув элитаси муҳитида ҳукмронлик қилиш учун фаол алоқа билан машғул бўлади. Иккинчи ҳолда у бирликни йўқотмаслик, ўз гуруҳи, қариндош уруғларидан узоқлашиб кетмаслик учун алоқа боғлаб туриши керак бўлади.
Телевидение ва тармоқ аудиторияси унга йўналтирилган материаллар, эшиттириш кўрсатувлар, уларнинг мазмуни, таъсир кўрсатиш йўсинлари жиҳатидан ҳам ташвиш уйғотади. Европада, ҳамонки сен сиёсат билан шуғулланар экансан, телевидение билан иш кўрмаслигинг мумкин эмас, деган фикр таомилга айланиб қолган. Давлат етакчиларининг, сайлов кампаниясида қатнашувчи номзодларнинг сиёсий чиқишлари кўпинча улкан бир шоу тарзида берилади. Кўп ҳолларда бундай томошаларнинг персонажлари экранда реал чиқишлар билан навбатма навбат кўрсатиб турилади. Матн билан аудиокўриш йўсинларининг бундай омихталиги янги виртуал реалликни яратишга олиб келадики, ўз навбатида, бу муайян тажриба бўлиб яшаб қолади. Кастелснинг фикрича, мультимедиа – бу тизим бўлиб, унда реаллик тўлиқ илғаб олинган ва виртуал образларга, ўйлаб топилган оламга жо этилган, экранда акс этган ташқи тасвирлар шу оламдаги қандайдир тажрибадан хабар берибгина қолмасдан, ўзлари ҳам тажрибага айланади.
Ўйлашимизча, Кастелс экран саноати тараққиётининг салбий томонларини ҳам маълум маънода олдиндан кўра билган. Бугунги кунда ҳаётий тажрибага ва уйдирмани ҳақиқий фактдан ажратиш кўникмасига эга бўлмаган томошабин намойиш қилинаётган ҳамма нарсани ҳақиқат, воқелик деб қабул қилиши равшан кўриниб турибди. Табиийки, айрим томошабинларда ОАВ намойиш қилаётган лавҳалар, эпизодлар ва ўзларини “ҳаяжонга солган” хатти ҳаракатлар психикасига тақлид қилиш, ўхшатма амал қилиб кўриш иштиёқи туғилади. Компьютер ўйинлари, томоша қилинган жангари фильмлар, экранда кўрсатилган зўравонлик, ваҳшийлик саҳналари таъсири остида ёшлар содир этган жиноятлар, қотилликлар, террористик ҳаракатлар сони кўпайгани бунга далилдир.
Жамиятнинг ижтимоий қатламларидаги бўлинишларда, фарқланишларда ҳам ўзгаришлар юз бераётганига эътибор қилмаслик мумкин эмас. Кастелс наздида, ахборотлашувчи капитализм жамиятнинг қатламларга ажралишини тубдан ўзгартириб юборди, Европада иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт Ташкилоти мамлакатларида аҳолининг 30 % ахборот меҳнати соҳасида бандлиги шундан далолат беради. Тармоқ жамиятининг ривожланиши аҳолининг илгаригидек қатламларга ажралиш шаклларининг ўзгариши ва тенгсизликнинг янги шакллари пайдо бўлиши билан бир вақтда давом этмоқда. Меҳнат билан капитал ўртасидаги илгариги тақсимот ҳам йўқолиб бораяпти. Фойдали натижани назорат қилишда асосий ролни экспертлар, кўп сонли акцияга эга гуруҳлар, топ менежерлар, таҳлилчилар, электрон бошқарувчилар ўйнайдиган бўлишди. Улар замонавий компьютерлаштирилган ишлаб чиқаришнинг тепасидадирлар. Компаниялар фаолиятини йўналтирувчи кишилар уларга доимий ўзгариб турган шароитларда яшовчанликни сақлаб қолиш имконини берадиган ахборий кўникмаларга эга бўлишлари лозим. Ҳозирги пайтда катта ҳажмдаги товарлар, хизматлар соҳиби бўлишнинг ўзи камлик қилади, бунинг устига кенг тармоқли ахборот, маълумотнома материалларига ҳам эга бўлиш даркор. Бусиз суръатни, истиқболни бой бериб қўйиш ҳеч гап эмас. Таҳлил қилишга, стратегияни белгилашга, самарали мулоқот олиб боришга ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида тақдимот тадбирларини ўтказишга қодир ахборот ходимлари замонавий тадбиркорликнинг ўзагини ташкил қилади. Ўзларини дастурга тузган, зарур бўлган тақдирда ўқиш ва қайта ўқиш маҳоратини эгаллаган бу кишиларнинг аксарият қисми обрўли олий ўқув юртларини битирган, бизнесдаги ва лойиҳалаштиришдаги шахсий иштироклари баён этилган салмоқли ҳужжатларга эга мутахассислардир.
Бугунги янги дунёда ахборотлашган меҳнат асосий қийматни ишлаб чиқарувчи бўлиб қолмоқда ва унга юксак талаблар қўйилади. Илгариги ишчилар синфи тезда мослашувга, суръатни ушлаб туришга ва “саҳнани” ўз вақтида тарк этишга қодир эмаслиги очиқ ойдин бўлиб қолди. Глобаллашган дунёда у ўзини ночор сезади. Малакасиз ва яхши тайёргарликдан ўтмаган ишчи кучи жамият назар эътиборидан четда қолади. Бу одамлар энг яхши деганда, ўзларига кам ҳақ тўланадиган иш топа оладилар, омад кулиб боқмаса – турли жинояткор гуруҳлар қўлига, уюшган жиноятчилик муҳитига тушиб қоладилар. Ғарб мамлакатларида, деб қайд этади тадқиқотчи, билимсиз, ахборотлашувчи капитализм корига ярамайдиган одамлар “тўртинчи дунё”ни ташкил қилади, чунки улар учун глобаллашган капитализмда керакли роль ҳам, кўникмалар ҳам қолмаган (шаҳарлик қашшоқлар, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги геттолар аҳолиси шундайлар жумласидандир). Натижада йирик мегополис шаҳарларда жаҳон иқтисодий тизимининг марказига айланган ахборотлашган ходимлар қаторида камбағаллар, ўз синфи билан алоқасини йўқотган аҳоли қатламлари яшашади. Бундай аянчли аҳволдан чиқиш йўли фақат бир нарсада кўринади: илгариги “умумий типдаги ходимлар” билим олиш ва ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш кўникмаларини ўзлаштириш орқалигина янги иқтисодиёт талабларини қондира оладилар.
Тармоқ жамияти ўхшашликнинг ўтмишга мурожаат қилинмайдиган янги шаклини ҳам яратади. Бу ерда эътибор марказида ижтимоий ҳаракатлар туради, деб ҳисоблайди Кастелс. Улар қадриятларни, жамият институтларини ўзгартирадиган ва инсонга унинг ўхшашлик бобидаги асосий унсурларини ато этувчи мақсадга йўналган жамоавий ҳаракатларни намоён қиладилар. Меҳнат бозорида ахборот ходимлари саноатлашган жамиятнинг илгариги ишчилар синфи ўрнини босган ўзига хос янги синф бўлиб қолди, деган фикрга ҳам йўл берилади. Ижтимоий ҳаётда ҳам аввалги синфий ажратишлар йўқолиб, сиёсий жиҳатдан уюшувнинг бошқа, янги шакллари пайдо бўлаётир. Тармоқ жамияти қаршилик кўрсатиш ҳаракатини ва “лойиҳалаштирилган ўхшашлик” ҳаракатини дунёга келтиради. АҚШдаги Patriots янги фашистик ҳаракатни, Каталониядаги ҳудудий сепаратизмни ва бошқа ташкилотларни қаршилик кўрсатиш ҳаракатига мисол қилиб келтирадилар. Лойиҳалаштирилган ўхшашликни эса экологик, феминистик ва миллий ҳаракатлар ифодалайдилар. Уларнинг пайдо бўлишига икки хил нуқтаи назардан қаралади. Биринчидан, анъанавий синфий ҳаракатларга қараганда анча кенг бўлган бу ҳаракатлар ўз тарафдорларининг турли хил турмуш тарзларига ва қадриятларига мурожаат қиладилар. Бошқа томондан, мазкур ҳаракатлар тармоқ жамияти фаолият кўрсатишининг қонуний натижасидирки, бу жамият инсонларга ўз ғояларини ёйиш, мулоқот қилиш ҳамда ўз масалаларини ҳал этишда кенг имкониятлар беради. Умуман олганда, “жуда катта ва тобора кучайиб бораётган босимга жавобан янги ўхшашликлар шаклланишининг далолати”ни айни шу ҳаракатларда кўрмоқдалар. Ахборот асрининг руҳий зарбалари ва зўриқишларига муносабат сифатида ҳам қараш мумкин бўлган бу ҳаракатларнинг барчаси ахборот меҳнати билан суғорилган. Масалан, “Гринспис” ёки “Замин дўстлари” тузулмалари глобал тармоқларга, ўз аъзоларининг электрон рўйхатига, юқори билимли ва медиатехнологияларни ўзлаштириб олган ходимларга эга.

3. Ахборот турли мақсадлар ва манфаатлар хизматида

Ахборотдан фойдаланиш: муаммолар, низолар ва майллар. Ахборот ёки сиёсий, ижтимоий жиҳатдан кенг хабардорлик жамият фуқаролари фаол ҳаётининг ўзаги ҳисобланди. Бу фақат бизнес, касбий ижтимоий фаолият ривожига таъсир кўрсатибгина қолмай, турмуш андазалари бўлишини ҳам, шахслараро муносабатлар, ҳаёт меъёрлари, турмуш тарзи ва феъл атвор стандартлаштирилишини ҳам тақозо қилади. Миллий ва диний анъаналарнинг бошқарилиш механизми анча қатъий, барқарор бўлган Европа ва Шарқдан фарқли равишда Америка Қўшма Штатларида, масалан, бошқарувда ва жамият ҳаракатида, ўзаро инсоний муносабатларда ҳуқуқий ва оммавий алоқа тизимлари ҳукмрон роль ўйнайди. ОАВнинг аудиторияга таъсир кўрсатишига оид баъзи мисоллар қўлланмабоп материаллар бўлиб қолди. Масалан, 1939 йилда CBS радиостанцияси Г.Уэллснинг “Дунёлар уруши” илмий фантастик романи театр инсценировкасини олиб эшиттиргани саросима уйғотиб, кўплаб радиотингловчилар соғлигига путур етказди. Роман мазмунига кўра, миррихликлар бизнинг сайёрамизни босиб олиб, одамларни заҳарловчи газ билан қатл эта бошлайдилар. Кўплар радио орқали берилаётган эшиттиришни ҳақиқий бўлиб кечаётган воқеа сифатида қабул қилиб, ваҳимага тушдилар. Тадқиқотчиларнинг қайд этишларича, ўшанда даҳшатга тушган бир миллионга яқин радиотингловчи ўз уйларидан қочиб чиқиб, яшириниш билан омон қолишга ҳаракат қилган. Шаҳарларнинг кўчаларида тартибсизликлар юзага келиб, транспорт ҳаракати издан чиққан. Икки нафар йигит “Туғма қотиллар” фильмини қайта қайта томоша қилишларининг натижаси ҳам фожиали бўлган – улар фильм қаҳрамонларига тақлидан мутлақо бегуноҳ одамларни отишга тушишган.
Илмий асарларда баъзида оммавий ахборот воситалари, айниқс, радио, кино ва телевидение ўткир, босим ўтказувчи ҳокимият сифатида баҳоланади. ОАВнинг таҳлили уларнинг инсонга таъсирига доир турли назариялар, моделлар пайдо бўлишига олиб келди. “Шприц” модели, “ўқлар” назарияси, “чексиз таъсир ўтказиш назарияси” шулар жумласидандир. Уларда оммавий ахборот қотил ўққа ҳамда вена қон томирига киритиладиган кучли наркотик моддага тенглаштирилади. Юқорида санаб ўтилган назарияларнинг номлари ҳам шундан келиб чиққан. Бир қатор йирик олимлар бутун бир йўналишнинг – оммавий ахборот ва оммавий алоқа воситаларининг таъсир кўрсатишига доир назариянинг асосчилари бўлдилар. Оммавий алоқани ўрганишнинг илмий асослари, технологияси ишлаб чиқилди. Уилбур Шрамм, Гарольд Лассуэл, Поль Лазарсфельд ва бошқалар медиа зўравонлик маҳсулотлари кўпайиб боришига медиа маҳсулотларини қабул қилиш ва истеъмол этиш маданиятини қарши қўйиш, ўсмирлар ва ёшларда телевизор экранида даҳшат ва қўрқувга солувчи саҳналарга ҳамда ОАВнинг бошқа шу тарздаги материалларига қарши иммунитет яратиш ғоясини илгари сурдилар. Медиатаъсир ва медиапедагогика ана шу тариқа вужудга келди ва ривож топди. Оммавий маданиятга қарши психологик жиҳатдан ҳаракат қилиш мақсадида шу йўналишда ўнлаб китоблар ва мақолалар тайёрланди1.
Европа ва Американинг оммавий ахборот воситалари соҳаси олимлари XXI аср бўсағасида телевидение ва кино саноатининг шаблон ва техникалаштирилган картиналаридан ҳимояланиш масалаларини кескин қўйган бўлсалар, Совет иттифоқи барбод бўлиши муносабати билан жаҳон геосиёсий харитасида юз берган ўзгаришлар оммавий ахборот воситаларига нисбатан бошқача мазмундаги баҳс мунозараларни юзага чиқарди. МДҲ мамлакатларининг “эркинликка чиққан” ОАВ дастлаб шу вақтгача ўзи яшаб келган тузумни рад қилиш, фош этишдан иборат танқидий қарашларга тўлиб тошди. Сўнгра улар турлича қиёфа касб этиб, ҳозирги даврга нисбатан ҳар хил қарашларга эга бўла бордилар, эълон қилаётган мақолалари “сариқ” тусга кириб, мазмун даражаси жиҳатидан сифати пасайиб бориши билан фарқланадиган бўлиб қолдилар. Шов шувлар, жанжаллар, томошаларга тўлиб тошганлик телевизион кўрсатувларга хос хусусиятларга айланди. Россия ОАВда, масалан, ёлғон маълумотлардан ёки омма онгини чалғитиш мақсадида бирёқлама хабарлардан кенг фойдаланиладиган бўлди. Ёш тадқиқотчи М.Зинко 1995 йилда Россия матбуотини таърифлаб шундай ёзган эди: “Бугунги кунда холис ОАВни топиш қийин. Одатда, газеталар ва телекомпаниялар маълум нуқтаи назарда туриб олиб, ахборот материалига ана шунга боғлик равишда ишлов берадилар”1.
Баъзида Россия Федерацияси ОАВда 1990 йилларда вужудга келган вазиятни Америка оммавий нашларининг ХХ аср бошидаги аҳволи билан қиёслайдилар, ўшанда бу нашрлар талабчан бўлмаган аудиторияга мўлжаллаб иш тутиб, фойда кўрарди. Сариқ нашрлар сони кескин ошиб кетганлиги ҳамда радио ва телевидениега сариқ матбуот услублари кириб борганлиги ҳам ана шундан. Эътироф этиш керакки, СССР парчаланиб, Марказий Осиё, Кавказ, Болтиқбўйида мустақил миллий давлатлар, Россия Федерациясининг ўзида ҳам миллий мустақиллик мақоми аниқ белгилаб берилган республикалар эълон қилингандан кейинги даврда бу мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида ўхшаш жараёнлар кузатилмоқда. ОАВ ҳуқуқий базасини таъминлаш, тегишли қонунларни қабул қилиш, ахборот соҳасини миллий ва маданий тикланиш доирасига киритиш, тарихнинг оқ доғларини тўлдириш шулар жумласидандир.
Бу даврдаги Россия нашрларида бизнинг республикамиз фаолиятининг ижобий, қайта ўзгартирувчилик жиҳатлари ҳақида материаллар деярли эълон қилинмади. Хорижий мамлакат ҳаётини бир томонлама, бир ёқлама ёритиш нашрнинг ғаразли, нохолис эканлигидан далолат бериб, аҳамиятига путур етказади, уни жиддий ўқувчилар ишончидан маҳрум этади. Аркадий Дубновнинг (Алберт Мусин ҳам ўша) “Ўзбекистон Марказий Осиё Германияси ролида” кичик сарлавҳаси билан берилган “Эркинликни қандай бошқариш керак” мақоласи бунга мисол бўла олади2. Ушбу мақола муаллифи Тошкентга журналистларнинг халқаро конференциясида иштирок этиш учун таклиф қилинган. Бироқ, мақола мазмунидан кўриниб турганидек, анжуманда муҳокама қилинган муаммолар муаллиф эътиборидан четда қолган ёки у томондан пичингли танқид учун фойдаланилган. “Новое время” журналининг қўш саҳифасида Тошкент турмуш тарзига ҳеч ҳам хос бўлмаган мазмундаги сурат билан катта мақола эълон қилган А.Дубнов учун жамиятимиз ҳаётидан номуҳим, иккинчи даражали жиҳатларни қидириб топиш ва бўрттириб кўрсатиш асосий вазифа бўлган. Бу халқаро мавзуларга ихтисослашган журналистнинг қайсидир мамлакатда бўлатуриб, бошиданоқ барча кўрган эшитганларини салбий баҳолашга ўзини шайлаган ҳолда, шунга мувофиқ мазмундаги материал беришини кўрсатувчи мисоллардан бири, холос. Бундай бир томонлама ёндашув аввалги коммунистик мафкурага, айниқса, Ғарб мамлакатларига муносабат билдиришда хос бўлиб келган. Бу услуб 1990 йилларда Марказий Осиё минтақаси ҳаётини ёритувчи бир қатор журналистлар ҳам сақлаб қолдилар.
Ижтимоий фанларда оммавий ахборот воситаларига янгича қараш қарор топмоқда. Алоқаларнинг, ахборотни умумлаштириш, қайта ишлаш, узатишнинг гиперматнли, кўриш клипли, дизайн безакли, лингво терминологик сингари янги услублари пайдо бўлганлиги шунга олиб келдики, эндиликда оммавий алоқа тизимлари мўлжални реал воқеаларни акс эттириш (ёритиш) томон эмас, балки маълум тимсоллар, билим, картиналарни ишлаб чиқиш томон олмоқда. Оммавий ахборот воситалари буни Ироқдаги урушни (1991 йил) ёритишда ғоят ёрқин намойиш этишди. Улар яратган ҳарбий ҳаракатлар тимсоли воқеликка мос эмасди. Оммавий коммуникация воситалари янги образлар, ғоялар, ўзаро муносабатлар вужудга келаётган воқеликни, виртуал маконни ўзгартириб юборадилар. Я.Н.Засурский сўзи билан айтганда, Интернет босма даврий нашрлардан шуниси билан фарқ қиладики, у асосан бутун таҳририят нуқтаи назарини эмас, айрим журналист ёки журналистлар гуруҳи нуқтаи назарини акс эттиради.

4. Ахборотнинг хавф ташиш хусусияти ва ундан ҳимояланиш зарурлиги

Ахборот таҳдидлари ва миллий ҳамда ахборот хавфсизлиги стратегияси. Ахборот-коммуникация технологиялари ахборот олиш ва алмашиш, жамиятнинг аҳволи ҳамда халқаро муносабатларга унинг таъсир кўрсатиши борасида кенг имкониятлар очади. ХХI аср – глобаллашув асри, жаҳон ҳамжамиятида улуғ ўзгаришлар даври, шу билан бирга янги хавф хатарлар ва қарши ҳаракатлар даври. Кўплаб давлатлар ахборот муҳитига тобора кўпроқ боғланиб қолмоқдалар, миллий, халқаро барқарорлик ва хавфсизлик эса кўп жиҳатдан объектив ва тезкор равишда ахборот алмашиш, ахборот телекоммуникация тизимларининг ривожланиш даражаси билан белгиланадиган бўлиб бормоқда. Лекин ахборот оқимидан инсон онгини чалғитиш, ижтимоий муҳит барқарорлигини бузиш мақсадида ҳам фойдаланилиши мумкин. Шунинг учун ҳам ахборот, оммавий ахборот тизимлари ходимларининг ўзлари тақдим этадиган маҳсулот учун масъулияти мислсиз равишда ошиб бораётир.
Саноатнинг жадал ривожланиши экологияга хавф туғдиргани, ядро физикаси муваффақиятлари ядро уруши хатарини вужудга келтиргани сингари жамиятнинг барча соҳалари, айниқса, ишлаб чиқариш ва бошқарувнинг ахборотлашуви сайёравий миқёсда бир қатор жиддий муаммолар манбаи бўлиб қолмоғи эҳтимолдир. Алоқа технологиялари ОАВдан ўз фаолиятларида самарали фойдаланадиган террористлар учун қудратли қурол бўлиб қолди. Деярли ҳар куни биз даҳшатли террористик қўпорувчиликлар тўғрисида маълумотлар олиб турамиз. Баъзи сиёсатшунослар фикрича, бу хунрезликлардан мақсад қурбонлардан кўра кўпроқ ОАВнинг уларга билдирадиган муносабатлари бўлиб, бу террорчиларга ижтимоий фикрга ва мамлакатдаги ишлар аҳволига таъсир кўрсатиш имконини беради. Бошқа томондан, илмий техник имкониятлар ва аҳоли турли қатламларининг маданий билим даражаси юксак бўлгандагина тобора ривож топиб бораётган жаҳон майдонида тўлақонли иштирокчи бўлиш мумкин. Бундай заминга эга бўлмаган давлатлар борган сари ижтимоий ва техник тараққиётдан четга чиқиб қолиб, гўёки “цивилизациядан абадий четда турувчилар” бўлиб қоладилар. Тараққиётдаги бундай нотекислик ривожланган мамлакатлар билан қолган дунё ўртасида ўзаро қарама қарши туришга, “рақамли ажралиш”, нобарқарорлик, янги урушлар ва низоларга сабаб бўлиши билан хатарлидир. Ахборий хавфсизлик соҳаси мутахассислари жаҳон ахборот майдони ахборотлашган жамиятнинг барча субъект мамлакатлари ахборот ва алоқа технологияларини бир хиллаштиришни талаб қилади, деб ҳисоблайдилар.
Ғарб етакчилари жаҳон телекоммуникация тармоқлари, оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошираётган ахборий маданий, ахборот мафкуравий босқинчилик ҳам ташвишга солади. Мамлакатлар бундай аралашувга, бегона ахборот таъсирига қарши туриш учун миллий маданий бойлигини ҳимоя қилишга қаратилган махсус чора тадбирларни кўришга мажбурдирлар. Жаҳон ахборот тармоқларида давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий қарама қаршилик, бўҳрон ҳолатлари ўз аксини топишини ҳисобга олган ҳолда, миллий ахборот ресурсларини ва дунёдаги очиқ тармоқлар орқали ахборот алмашуви махфийлигини ҳимоя қилиш вазифаси кўндаланг турмоқда. Ўзбекистон Республикаси халқаро терроризм ва диний экстремизмни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бундай қарши ҳаракатлар билан кўп марталаб тўқнаш келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов бу муаммонинг муҳимлигини кўрсатиб, шундай таъкидлайди: “Афтидан, бугунги кунда хавфсизлик ва барқарорлик йўлида пайдо бўлаётган таҳдидларга тегишли муносабатда бўла олишнинг ўзигина етарли эмас. Мавжуд хавф хатарларнинг табиатини тўғри тушуниб етишимиз керак. Уларнинг манбалари ва ўзаро алоқаларини вақтида аниқлашимиз даркор. Жамиятда барқарорликни сақлаш шарт шароитларини белгилаб олишимиз ва улардан самарали фойдаланишимиз зарур. Ўзбекистон Республикасининг барқарор ва собитқадамлик билан ривожланиши шуларга боғлиқдир”1.
Миллий хафвсизлик ҳам, халқаро хавфсизлик ҳам ички ва ташқи хатарлар олдида анча заиф бўлиб қолди. Инсон дунёси, унинг ҳаёти ҳам йилдан йилга ахборотга, ахборот технологиялари ва ресурсларига боғлиқ бўлиб бораётир. ОАВ ва компьютер ўйинлари орқали шафқатсизлик, зўравонликни улуғлашнинг, порнографиянинг тарқатилиши ўсмирлар ва ёшларда бунга онгсиз равишда тақлид қилиш истаги туғилишига олиб боради, уларнинг одатлари ва турмуш тарзида юриш туришнинг номақбул андазаларини мустаҳкамлайди, кўп ҳолларда эса ҳуқуқбузарликни рағбатлантиради.
Медиазўравонликнинг таниқли тадқиқотчиси, педагогика фанлари доктори, Россия кино таълими ва медиа педагогикаси Уюшмаси президенти А.В.Федоров ОАВ материалларида мавжуд зўравонлик кўринишларининг ёшлар ва болалар аудиториясига салбий таъсири ошишининг ўзига хос хусусиятларига ишора қилади. Шубҳасизки, деб таъкидлайди у, масалан, зўравонлик саҳнаси бўлган компьютер ўйинларининг таъсирини узил кесил фақат характерда салбий хусусиятларни шакллантирувчи сифатида баҳолаб бўлмайди. Ўйин ўйнаш ва ҳаётда зўравонлик қилиш – бир қарашда бошқа бошқа нарсалар. Бироқ шу билан бир пайтда зўравонлик жараёнига интерфаол равишда дахлдор бўлиш унга албатта кўникиб қолишга, бировнинг дардига шерик бўлиш, ўзгага ачиниш туйғуси ўтмаслашувига олиб келади. Зеро, виртуал оламда инсонни тўппончадан ёки автоматдан отиб ташлаш, граната билан портлатиш, электр арра билан бўлаклаб, бомба ёрдамида парча парча қилиб ташлаш ҳеч гап эмас. Ўтган асрнинг 90 йиллари маррасида ижтимоий маданий вазиятнинг кескин ўзгариши гуманитар фанларда шунчалик кўп “оқ доғлар”ни ошкор қилдики, деб қайд қилади тадқиқотчи, аудиовидео ахборотига нисбатан бола ҳуқуқи муаммоси ҳам илмий жамоатчиликнинг эътибор доирасидан четда қолди. Фақат кейинги йиллардагина ўсиб келаётган ёш авлодга экран зўравонлигидек фавқулодда ҳодисанинг таъсирини муайян даражада ўрганишга ҳаракат қилган россиялик олимлар тадқиқотларининг натижалари эълон қилина бошлади1.
Медиамаданият ва медиатаълим муаммолари ЮНЕСКОнинг халқаро конференцияларида (Париж, 1997, Вена, 1999), Сан Паулодаги конференция ва саммитда (1998), Европа Кенгаши эшитувларида (Страсбург, 2002) муҳокама мавзуси бўлди. Умуман, чет эллик олимларнинг аксарияти зўравонлик кўринишлари назоратсиз оқимининг ёшларга салбий таъсирини баҳолашда якдилдирлар ва бу соҳада пухта ўйланган ягона давлат сиёсати яратилишини қўллаб қувватлайдилар.
Ахборот олиш имкони ва ахборотлашув жараёнлари ривожланишини тартибга солишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини шакллантириш шахс, жамият, давлатнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Шу боисдан кўпгина ҳукуматлар ахборотлашув даврининг турли хил даъватларига қарши чоралар кўриш учун муҳим халқаро ҳужжатларни имзоламоқдалар, фаол нуқтаи назарларини билдирмоқдалар. Россия Президентининг Фармони билан Россиянинг ахборот хавфсизлиги Доктринаси қабул қилинди. Ахборот соҳаси жамият ҳаётини тизимга солувчи омил бўлиб, Россиянинг сиёсий, мудофаа аҳволига ва бошқа томонларига фаол таъсир кўрсатади, дейилади унда.
Женевада (2003 йил, декабрь) ўтказилган глобал ахборот жамиятига доир умумжаҳон учрашувида халқаро ахборот майдонининг амал қилиш учун мутаносиблаштирилган шарт шароитлар яратиш борасида асосий принциплар ва йўналишлар белгилаб олинди. Ахборот инфратузилмасидан БМТ Низомига хилоф келадиган мақсадларда фойдаланилган ҳолларда, бу таҳдидларга қаршилик кўрсатиш чора тадбирлари кўрилиши зарур. Инсоннинг хатти ҳаракатини чалғитиш, ахборот инфраструктурасининг барқарор фаолиятига путур етказиш, қонун билан мудофаа қилинадиган ахборотга жиноий ташкилотларнинг рухсатсиз йўл топиши, «ахборот қуролидан “ фойдаланиш ва бу соҳада қуролланиш пойгасини авж олдириш шундай таҳдидлар жумласига киради. Россия доктринасида, шунингдек, ахборот алоқа технологияларининг гуркираб ривожланаётганлиги муқаррар равишда давлатнинг ички сиёсатини шакллантиришга ҳам таъсир ўтказиши, мавжуд давлат ва жамоат ташкилотларининг ана шу янгиликларга доимий мослашиб боришини талаб қилиши қайд этилади.
Америка Қўшма Штатларининг 2002 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик стратегияси бошқа мамлакатларнинг ана шундай ҳужжатлари билан қиёслаганда ўз мазмуни ва ғоявий йўналиши билан анча ҳужумкор ва бирмунча жанговар характерга эга. АҚШ терроризмга қарши, эркин савдо, тадбиркорлик, ўзаро ҳамкорлик ва демократияга тўсқинлик қилувчи турли шаклдаги тоталитар тузумларга қарши чора тадбирлар ишлаб чиқишга асосий урғу беради. Тўққиз бўлимдан иборат стратегияда “Инсонларнинг ўз қадр қиммати ҳурмат қилиниши таъминланишига интилишини қўллаб қувватлаш” , “Глобал терроризмга зарба бериш мақсадида иттифоқларни мустаҳкамлаш ҳамда бизга ва бизнинг дўстларимизга қарши агрессия олдини олиш чора тадбирлари”, “Ривожланиш йўлига турган мамлакатларга жамиятлари кўпроқ очиқликка эришишларида ва демократия инфраструктурасини яратишда ёрдам бериб, улар доирасини кенгайтириш”, “Глобал таъсир кўрсатишнинг бошқа асосий марказлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш режаларини тузиш”, “Америка институтларини миллий хавфсизлик соҳасида XXI аср вазифалари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш” ва бошқа шу сингари мавзу ёки йўналишлар белгилаб олинган.
Ушбу Миллий хавфсизлик стратегияси концепциясида АҚШнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етакчи давлат эканлиги ўз аксини топганлигини таъкидламаслик мумкин эмас. Унда кўпроқ глобал даражада ташқи дунёга, турли соҳаларда ҳамкорликка чиқиш вазифаси қўйилган. Афтидан, бу илғор технологияга эга бўлган ва ўзининг таъсир кўрсатиш режаларини амалга ошириш ва таъсир самарадорлигини юксалтиришга интилаётган мамлакатларнинг ривожланишини ва ҳаётий барқарорлигини таъминлашнинг қонуний йўлидир. Бироқ ҳатто ривожланган мамлакатлар ҳам ҳозирги даврнинг глобал қаршиликларини якка ҳолда енга олмайдилар. Технология ва иктисодий тараққиёт бобида турлича даражада бўлган давлатларнинг куч ғайратларини бирлаштирган тақдирдагина жаҳон ахборот майдонидан маданий йўсинда фойдаланишни таъминлаш мумкин бўлади.
Комментария жазыў
Атыңыз:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищенной ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Код:
          Включите эту картинку для отображения кода безопасности
кодты жаңалаў

Кодты киритиң: