Дизимнен өтиў    Кириў
Сайтқа кириў


Устозининг меҳнатини оқлаган устоз
Халқимиз орасида устоз ва шогирд ҳақида кўпгина ҳикоя ва ривоятлар бор. Маълумки, улар ҳақиқатдан ҳам ҳаётий тажрибалардан пайдо бўлган. Чунки биз бугунги кундаликли ҳаётимизда уларнинг аниқ исфотини ич-ичимиздан сезиб, гувоҳи бўламиз-у, доно халқимиздан нималар қолмаган-дея ҳайратланиб, ажабланиб қуямиз. Мен ҳар қачон устоз ёки шогирд сўзини эшитганимда ёки бўлмаса оммавий ахборот воситалари орқали кўрганимда ва ўқиганимда бирданигина кўз олдимга устоз деган улуғ номга муносиб Абатбай оға Даўлетов келади ва шундай инсон бўлишга қаттиқ хавас қиламан. У инсон бугунги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «қорақалпоқ тил билими» кафедраси профессори, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги.

Абатбай оғанинг ҳаёт йўлларини кузатар эканмиз, у оддий деҳконлар оиласидан чиққан бўлиб, отаси доим дала ишлари билан банд бўлган. «Бўлар бола беш ёшидан» деганларидек у мактабда ўқиб юрган пайтлариданоқ устозлари унга алоҳида қизиқиш билан қарашарди. Ундаги мана шу билимга деган қобилият унинг олийгоҳга киришига ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Ҳаттоки, олийгоҳда ўқиб юрган пайтларида ҳам у устозларининг диққатини ўзига қаратди. Натижада у олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугатди. Сўнг унга ўз қишлоғидаги мактабда ўқитувчилик қилишга йўлланма беришди ва кўп ўтмасдан уни яна ўзи тугатган олийгоҳга яъни институтга тил билими кафедрасига чақирттириб олишди-дея эслайди унинг болаликдан бирга ўсган дўсти Тилеўбай оға Ҳамзеев.

Шунингдек, унинг илмга, билимга бўлган қизиқишлари уни Киев ва Санкт-Петербург шаҳарларига етаклаб борди. У ерда тилшунослик бўйича таниқли олимлардан илм сирларини ўрганди. Масалан, Санкт-Петербург университетида аспирантурада таълим олаётган даврларида М.И.Матсуевич, Л.Р.Зиндер, Ю.С.Маслов, Л.В.Бондарко, ва Л.А.Вербицкаялардан умумий тил билимидан, академик А.Н.Конов, профессорлар А.М.Щербак ва С.Н.Ивановлардан эса тюркология фанларлари бўйича дасрлар олди. Натижада 1972 йили «Ҳозирги қорақалпоқ адабий тилининг вокализми (эксперименталь-фонетик тадқиқот)» мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб чиқади. Ундан кейин ўзи таълим олган институтга келиб, ўзининг илмий ва педагогик меҳнат йўлини бошлашга киришади.

Азалдан Абатбай оғанинг ўз ишига қаттиқ маъсулиятли эканлигини биладиган устозлари унга маъсулиятли ишлардан бири деканнинг ўқув ишлари бўйича муовини вазифасини юклайдилар. Қаерда бўлмасин ҳар қандай меҳнатга кўникиб кетаверадиган ва бошлаган ишни охиригача етказмай қуймайдиган Абатбай оға бу ишда ҳам ўзининг меҳнаткашлигини, ҳар бир ишга қаттиқ маъсулият билан ёндашадиганини яна бир кўрсата олди. Мазкур олийгоҳ раҳбарияти унинг қобилиятларини иноботга олиб, сўнгра уни декан лавозимига тайинлайди. Шу билан бирга олийгоҳда қандай маъсулиятли ишларда ишламасин барибир у илмни бир четга суриб қўймади, аксинча барча ишлар билан биргаликда илмий ишни ҳам баробар олиб борди. Чунки у унинг болаликдан қизиқган, кўнгил қўйган, севимли соҳаси эди. Шундай экан, у ўзи танлаган соҳаси бўйича, унинг долзарб жиҳатларини ҳар томонлома далил ва исфотлар асосида ёзилган мақолалари республика ва чет эл илмий журналларида, анжуман тўпламларида тез-тез нашр қилиниб борди. Ниҳоят олимнинг ушбу меҳнатлари жамланиб, у 1994 йили Алмати шаҳрида «Ҳозирги қорақалпоқ адабий тилининг товуш тузилиши» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлашга асос бўлади. Олим у билан ҳам чекланиб қолмади, аксинча ўз устида ишлашни янада кучайттирди. Шундан буён ҳам олимнинг танлаган соҳаси бўйича илмий ишлари республика ва чет эл миқёсидаги журналларда кенг нашр қилиниб келинмоқда. Шу билан бирга олий ўқув юртлари талабалари учун, ўрта ва махсус ўқув юрти ўқувчилар учун ва халқ таълим вазирлигига қарашли мактаб ўқувчилари учун услубий қўлланма ва дарсликлар яратишда тинмай меҳнат қилиб келмоқда.

Шунингдек, Абатбай оға Даўлетов шогирдлар тайёрлаш масаласини ҳам олий бўрчлардан деб билади. Чунки унинг етиштириб чиқарган шогирдлари орасидан фан докторлари, профессорлар, фан номзодлари ва доцентлар ва сан-саноқсиз магистрлар етишиб, устозига қўл-қанот бўлиб, қорақалпоқ тил билими соҳасида ҳар томонлома теран илмий-тадқиқот ишларини давом эттирмоқда. Шу ўринда олимнинг нашр этилган илмий ишлари тўғрисидаги Туркманистонли олим, филология фанлари номзоди Аллагули Моллаевнинг яқин йиллар ичидаги бир фикрини келтирсак, «Бугунги кунгача у қирқдан ортиқ салмоқли китобларнинг муаллифи. Бунинг ўзи ҳар йилга битта китобдан тўғри келади» - дея таъриф беради. Агар олимнинг ундан кейинги ёзган китобларини ҳам шу таризда ҳисоблайдиган бўлсак, унда ҳар йилга таснифланган китоблар сонининг анча миқдорга ортганлигини байқаш қийин эмас.

Олимнинг ушбу меҳнатларини эътибор олган ҳолда, унга 1992 йили «Қорақалпоғистон Республикасига меҳнати синган фан арбоби» мукофати берилди. 1995 йили эса Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги бўлиб сайланди. Ўтган 2012 йили унинг 70 ёшга тўлиш муносабати билан университет миқёсида улкан илмий-амалий анжуман ўтказилди ва унда олимнинг шунча йиллардан буён бирга ишлаб келаётган касбдошлари, болаликдаги ва ёшликдаги дўстлари ва шогирдлари олимнинг ҳаёти ва илмий-педагогик йўлига бағишланган илмий ва таҳлилий мақолалари билан иштирок этди. Мазкур анжуман материаллари алоҳида китоб сифатида нашр этилиб босмадан чиқди.

Абатбай оғанинг хулқ-атвори хусусида гап кетганда, унинг ташқи кўринишдан у тўғрисида ёзиш буёқда турсин-у, ҳаттоки у киши ҳақида гапиришгаям журъат этиш қийиндек туюлади гуё. Аксинча, унга мурожат этиб борсангиз, ёки бўлмаса қандайда бир иш юзасидан суҳбатлашиб қолганингизда, унинг ўз вақтларини сиз учун ажратиб, берган қимматли фикрлари ва кўрсатмалари инсонни рухландириб юборади. Шогирдларидан бири бу ҳақида шундай келтиради: «Бу ёши катта талабаларнинг айтган гапларида ҳам жон бор эди. Ҳақиқатдан ҳам А.Даўлетов қаттиққўл, талабчан бироқ бағри кенг, меҳрибон устоз-олим». Шогирдларидан яна бириси эса, шундай дейди: «Бир қараганда Абатбай оға қаттиққўл одамга ухшайди. Унга кўп одам фикрини эркин айтишга ботина олмайди. Бироқ ҳаслида у киши суҳбатдошини сўзга торта олади ва ортиқ гапирганини кўрмайсан». Бу таърифлар асосида олим Абатбай оғанинг хулқ-атвори қандай эканлигини тушиниш мумкин. Олимнинг мана шу характери яъни тўғри сўзлиги, гапнинг лўндасини очиқ-ойдин айтишлиги мажлисларда, қандайдир йиғилишларда, учрашувларда барчанинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келган. Шу билан бирга, у ҳар қандай учрашувларда ёки бошқа жойларда таълим тарбия ҳақида гап кетганда у ҳар доим мактабдаги устозлари Елмурат Хожамуратов, Емберген Еримбетов, Ҳилал Муятдинов, Атабай Дошетовларнинг номларини, олийгоҳдаги устозлари Кошербай Бердимуратов, Айтжан Есемуратов, Досжан Насыров, Сражатдин Ахметов каби устозларини тез-тез тилга олиб, мақтаниш этиб, ғурурланади.

Биз маколамиз бошида устоз ва шогирд мавзусини бежиз кўтармадик ва мақоламиз номини ҳам бежиз ундай атамадек, сабаби «Устози яхшининг устами яхши» деганидек, олимнинг олийгоҳда бирга ўқиган курсдошлари ҳам Абатбай оғага ухшаган ўзига яраша обрўга эга улуғ устозлар бўлиб етишиб чиқди. Масалан, курсдошларидан Абдимурат Атажанов элга таниқли публицист ва ёзувчи, Рысгул Уснатдинова Ўзбекистон халқ муаллими, Серимбет Сейтимбетов (марҳум) олим, шунингдек курсдошларидан қолганлари ҳам жамиятимизда ўз соҳалари бўйича эл-юртга танилган фидойи инсонлар бўлди. Мазкур курсдошлар олийгоҳни 1964 йили тугатган бўлса ҳам, улар шу кунгача тез-тез учрашиб, талабалик даврларини эслашади. Яъни, у курсдошлар устозининг меҳнатини оқлаган шогирдлар, бугунлиги эса ҳавас қиладиган устозлар даражасига етган улуғ инсонлар.
Абатбай оғанинг шахсий ҳаёти ҳақида айтадиган бўлсак ҳам, у оилада турмуш ўртоғи Мырзагул Тлеуова билан учта уғил ва иккита қизнинг ва бир нечта набирларнинг севимли ота-онаси.

Бир сўз билан айтганда, олим Абатбай оғанинг устозлари шогирди учун жон куйдириб, берган ақл-насиҳатлари, кўрсатган йўл-йўриқлари бежиз кетмаганлигини унинг меҳнат йўли-ю ва амалга оширган ишларидан аниқ кўрса бўлади.


Аразмухамедова Жахон
Комментария жазыў
Атыңыз:
E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищенной ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Код:
          Включите эту картинку для отображения кода безопасности
кодты жаңалаў

Кодты киритиң: