Дизимнен өтиў    Кириў
Сайтқа кириў


ҚОРАҚАЛПОҚ АЁЛЛАРИНИНГ ЖУРНАЛИСТИКАДАГИ ЎРНИ
Оразымбетова З.Қ.
Қорақалпоқ давлат университети, журналистика кафедраси доценти, филология фанлари номзоди


Бундан 25 йил муқаддам бир курсдош йигит: «Қизлар, сизлар журналистика мутахассислигида беҳудага ўқияпсиз, чунки қизлардан журналист чиқмайди, эртага ҳар бирингиз турмушга чиқасиз ва албатта ё ўқитувчи, ё сотувчи, ё тарбиячи, ё тадбиркор бўласиз» – дея башорат қилганди. Биз у пайтда эндигина 1 курс талабалари эдик, юракларимизда эса таниқли журналист бўлиш истаги кўртак ёзаётганди! Бу гап кўнглимизга оғир ботти. Чунда курсимиздаги энг ориётли ва энг чаққон қиз Арухан Турекееванинг қаттиқ жаҳли чиқиб, дарҳол «Қизлар журналист бўла олади!» сарлавҳасида газетага мақола ёзди ва бу мақола катта шов-шувга айланиб кетганди. Бугунги кунда гоҳида баъзи эркаклар «журналистикада матриархат бошланиб кетмаяптимикин?!» – деб ўзаро хавотир ҳам олиб қўйишади…

Ўтган йиллар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади-ки, ҳар қанақа айтилган сўзнинг исботини фақат вақт кўрсатар экан. Ўша курсдошимизнинг гапи ўзининг исботини топа олмади. Гуруҳда 25 талаба (6 йигит, 19 қиз) бўлган бўлса, ҳозирги кунда қизларнинг деярли барчаси журналистика соҳасида ишлаяпти. Масалан, Арухан Турекеева «Қарақалпақстан жаслары» газетаси масъул котибаси, чиройли ўғил-қизларнинг меҳрибон онаси, намунали оила бекаси, журналистика жанрларида тўхтовсиз мақолалар ёзяптики, уларнинг аксарияти газетхонларнинг кўнглидан жой олган, «Йилнинг энг фаол журналисти – 2011» танловининг ғолиби. Лола Сейданова, Латипа Оразимбетова, Абатгул Тажимуратова, Артиқгул Айимбетова, Замира Турдимуратовалар – яхшигина теле ва радиожурналистлари, улар Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясида деярли 20 йилдан буён фаолият юритяптилар. Оралхан Қидирниязова Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида санъатшунослик журналистикаси бўйича дарс берса, Элмира Сайтжанова «Маданият ва спорт» газетасида, Миригул Байдуллаева «Шоманай нури» туман газетасида, Зибира Байниёзова ва Гавҳар Сарсенбаева матбуотда махсус мухбир, Зульфия Осербаева «Қарақалпақстан» нашриётида муҳаррир. Арухан билан Зибира ¬«Шухрат» медали билан тақдирланганида эса барча курсдошлар жудаям севиндик! Бу фактлар курсдош йигитнинг гапи қизларимизнинг иродасини мустаҳкамлашга хизмат қилганини кўрсатар, балки?

Қорақалпоқ давлат университетида 31 йилдан буён журналист кадрлар тайёрланади. Талабаларнинг аксариятини эса қиз болалар ташкил қилади. Уларнинг орасида истеъдодли журналистлар кўплигини таъкидлаш жоиздир.
Шу ўринда республикада салмоқли ўрнига эга бу илм ва ўқув даргоҳида талаба ёшларга таълим ва тарбия бераётган устозлари ҳақида ҳам тўлиб-тошиб айтгинг келади. Журналистика кафедрасида еттида фан номзоди бор бўлса, уларнинг тўрттаси аёллар. Улар ҳақида қисқача маълумот бериш ўринлидир.

Жумамуратова Малика Тилеубергеновна – 1976 йили Тошкент давлат университети журналистика факультетини тамомлаган. Фан номзоди, доцент. Қорақалпоқ журналистларининг кўпчилигининг устози ҳисобланади. 7 ўқув қўлланма ва элликдан зиёд илмий мақолалар, юздан ортиқ публицистик мақолалар чоп этган. Франция ва Малайзия давлатларида малака оширган. Унинг илмий раҳбарлигида 120 дан ортиқ битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ёзилган. Яна унинг нозик қаламидан ажойиб шъерлар битилмоқда, баъзиларига бастакорлар томонидан ажойиб куйлар басталанди.

Қожиқбоева Зиёда Адилбоевна – 1988 йилда Нукус давлат университети, журналистика мутахассислиги тамомлаган. Фан номзоди, доцент. Тўртта ўқув қўлланмаси, олтмишдан ортиқ илмий ва юздан зиёт публицистик мақолалари бор. Унинг раҳбарлигидаги битирув малакавий ишлари асосида магистрлик ва номзодлик диссертациялари ёзилган. Зиёда опа ҳам гўзал шеърлар муаллифи, Университет радиосининг раҳбари. Тажрибали ва меҳнат севар ўқитувчи.

Машарипова Тамара Жолдасбаевна – журналистика кафедрасида катта ўқитувчиси бўлиб ишлаш билан бирга, «Қорақалпоқ давлат университети ахборотномаси»нинг маъсул котибаси. Унинг исмини республика халқи яхши билади. Чунки у долзарб мавзулардаги публицистик ва журналистик мақолалари, яхшигина ҳикоя ва эсселари билан танилган, олтита китоби Нукус ва Тошкент шаҳарларидаги нашриётларда чоп этилган. Кўп йиллик педагогик ва журналистик меҳнатлари учун 2013 йилда «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови ғолиби деб топилди.

Тўртинчи ўқитувчи эса ўзим, филология фанлари номзоди, кафедра доцентиман. Кафедрада ишлаётганимга 20 йил тўлибди.

Ҳар йили 20-25 талаба мана шундай фаол ўқитувчиларнинг таълим-тарбиясини олиб, битириб чиқади. Уларнинг орасида эса Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикаларига таниқли журналист қизлар кўп. Масалан, радиожурналистлардан Дилбар Қидирниёзова, Дилбар Ғаниева, Лола Нуратдинова, Гулноз Нурбековалар «Олтин қалам» танлови совриндорлари. Республика миқёсида ўтказиладиган «Атиргул» танловининг ғолиблари ҳам бисёр. Улардан: Зибира Абдиниёзова «Қарақалпақстан жаслары» газетасининг муҳбири, Улбоған Еримбетова «Қорақалпоғистон телевидениесида» муҳаррир, Миясар Қабулова «Истиқлол ва қонун» газетаси муҳбири. «Қорақалпоқ университети» газетасида Жамила Жаримбетова, «Нукус ҳақиқати» газетасида Жумагул Жаримбетова, «Тахиатош нури» тумани газетасида Саригул Сейтимова бош муҳаррир бўлиб фаоллик кўрсатмоқда. Яна исми аталмаган қанчадан қанча журналист қизларнинг республика ва бутун дунё хабарларини ёритишда, шунингдек эл орасида маънавият ва маърифат ишларидаги фаоллиги ва мардлигини, забардастлиги ва уддабўронлигини ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Йиллар ўтгани сари курсдош йигитнинг «қизлар журналист бўла олмайди» деган гапининг тагидаги теран маънони англагандай бўламан. Чунки журналистика ўта маъсулият ва фидойиликни талаб қилади. Бу касбни эгаллашга ҳар ким ҳам журъат этавермайди. Қорақалпоқ журналистикаси эса ҳам оилада, ҳам жамиятда обрў-эътибор ва ҳурмат қозонган қизлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди!